DIZAYN

Болалар хонаси дизайни

Болалар хонаси дизайнини яратиш – мураккаб жараён, чунки ҳисобга олиниши зарур бўлган бир қанча нюансларга эга.

Болалар хонаси дизайни

Ёдда тутиш керак: айнан болалар хонаси учун дизайн яратилмоқда. Яхшиси, безатиш вариантини боланинг ўзи билан бирга танланг. Ахир бу унинг хонаси бўлади!

Болалар хонасининг дизайнини бир қатор жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда яратиш керак:

  • Пардозлашда ишлатиладиган материаллар ва интерьер ашёлари хавфсиз (нотоксик) бўлиши керак.
  • Ойна каби осон синадиган ашёлардан фойдаланишдан воз кечинг. Кичкинагина тўфон ғайратига эга бола бундай ашёни синдирибгина қолмай, унинг синиқларидан ўзига ҳам жароҳат етказиши мумкин.
  • Хона майдони максимал даражада иш бериши учун, уни зоналарга тўғри тақсимлаш керак. Одатда болалар хонаси қуйидаги ҳудудларга бўлинади: ётоқ, таълим ва ўйин ҳудудлари.
  • Спорт бурчаги учун ҳам жой қолдириш тавсия этилади.

    Болалар хонаси дизайни


Хонани ҳудудларга бўлишда қуйидаги усуллардан фойдаланинг:

  • парда ёки пардевор ўрнатиш;
  • ёруғлик тушишининг ўзгариши;
  • мебелларни мақсадларига кўра тўғри жойлашуви
  • бир ёки бир нечта ҳудудни бироз баландга жойлаштириш. Масалан, ўқув ҳудудини дераза олдидаги баландроқ жойга мўлжал қилган маъқул.


Пардозлаш материалларини танлашда ювиладиган, кирланишга, механик таъсирга ва эскиришга чидамли материалларга афзаллик берилади.

Хонанинг қандай рангда бўлиши боланинг темпераментига қараб танланади. Қизиққон характердаги бола ёрқин, бой рангли хонада ўзини қулай ҳис қилади. Оғир-босиқ болага эса, илиқ, вазмин ранглар мос келади.

Болалар хонаси дизайни

Услубий ечимлар ва ранглар тўғрисида

Болага мавзуий характердаги оммабоп услубларни таклиф қилиш мумкин. Қиз болага эртакдаги малика қасри услубида безатилган хона кўпроқ ёқади. Ўғил болалар эса, хонанинг қароқчилар кемасидек безатилганини хуш кўришлари тайин.

Болалар хонаси дизайни

Болалар хонаси дизайни

Кейинги қадам – ранглар ва уларнинг уйғунлиги...

Руҳиятшунослар таъкидлайдилар: катталарга қараганда, болалар ўткирроқ ранг ҳис қилиш қобилиятига эгалар. Шу сабабли, 1–2 ёшли бола хонасини вазмин рангларда безаш керак.

Катта ёшдаги бола учун тўқ кўк–сариқ ранглар уйғунлиги мос келади, у қулайлик ва психологик ҳимояланганлик муҳитини яратади. Шундай рангдаги мебель хонани янада қувноқроқ қилади. Дарвоқе, тахминан 4 ёшлардан кейин, бола контраст ва ёрқин рангларни ижобий қабул қила бошлайди. Бундай рангларга, юқоридагилардан ташқари, яшил, оловранг, қизил ва бошқалар киради. Фақат эсда тутинг – қизилни ҳаддан ошириб юбормаслик керак.

Болалар хонаси дизайни

Агар бола хонасининг дизайни бўйича бир хулосага келиш қийин кечаётган бўлса, Каталогдан малакали дизайнерни изланг.